Бугунги ахборот асрида, глобаллашув жараёнида турли ёт оқимлар, хусусан диний ақидапарастларнинг зарарларидан сақланиш, унинг олдини олиш учун чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига оладиган мафкуравий профилактик тадбирларнинг ўрни катта.
Комбинатнинг Геология-қидирув экспедицияси ишчи-ходимлари билан ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги давра суҳбатида халқимизда, айниқса ёшларда турли оқимларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида сўз юритилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ғ.Мусурмонов, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакили, бош имом хатиб Т.Рўзиев, вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ю.Исмоилов, Навоий давлат педагогика институти проректори Х.Қурбонов, вилоят Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари А.Муқимовлар айрим юртдошларимизнинг билиб-билмай хатарли йўлларга кириб қолаётганлари ва бунинг аянчли оқибатлари ҳақида ўз фикрларини баён этдилар. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ватанпарварлик, миллатпарварликка қаратилган эзгу йўналишлар, ислом динининг инсонпарварлик, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
– Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларимиз турли ғоявий хуружларнинг нишонига айланмоқда. Интернет тармоғи орқали диний экстремистик ғоялар, “оммавий маданият” тарғиботчилари ёшларимиз онгига ўзларининг ғояларини сингдиришга уринмоқдалар. Давра суҳбатимизда соҳа мутахассислари бу каби салбий таҳдидларнинг олдини олиш, уларга қарши маърифат билан курашиш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Тадбирда маънавияти юксак, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутган халқни ҳеч бир куч енга олмаслиги, ёшлар кўп китоб мутолаа қилиши кераклиги таъкидланди, – дейди НКМК бош директори маслаҳатчиси Холмамат Раупов.
Тадбир давомида иштирокчилардан келиб тушган барча саволларга мутахассислар томонидан зарур тушунтиришлар берилди.