Истеъдодли шоир, замонавий ўзбек поэзиясининг ёрқин намояндаси Абдулла Ориповнинг гўзал табиат ва инсон туйғуларининг ҳамоҳанглигини бетакрор сатрларда ифодалаган баҳор ҳақидаги шу шеъри ҳойнаҳой ўлкамизда Наврўзи олам кезиб юрган дамларда битилган бўлса неажаб?
Ўзбек адабиёти ривожига ҳисса қўшган атоқли шоир, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб Навоий машинасозлик заводида “Сен баҳорни соғинмадингми?” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Сўз санъаткорининг инсон тафаккурини бойитадиган шеърларидан намуналар ўқилди.
Шоирнинг юртга муҳаббат, меҳр-оқибат ва садоқатни тараннум этувчи бетакрор ижодини чуқурроқ ўрганиш ва комбинат ишчи-ходимлари ўртасида тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда НКМК бош директорининг маслаҳатчиси Холмамат Раупов Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олингани ҳамда жорий йил март ойининг охирги ўн кунлигида улуғ мутафаккир, файласуф шоир таваллудининг 80 йиллигини давлат миқёсида тантанали нишонлаш кўзда тутилганлигини эътироф этди.
“Кончилар ҳаёти” газетаси муҳаррири Низомиддин Садриддинов, Навоий давлат педагогика институти ёш олими Фарҳод Низомов, тадқиқотчи Азамат Зарипов А.Орипов шеърларини ўқиб бердилар ҳамда она тилини улуғлаш ва доимо китоб мутолаа қилиш лозимлигини таъкидладилар. Иштирокчилар эса атоқли шоирнинг “Мурунтов”, “Ўзбекистон”, “Она”, “Биринчи муҳаббатим” каби шеърларини маҳорат билан ўқдилар.
А.Орипов таваллудининг қутлуғ санага бағишланган ана шундай маърифий тадбирлар Марказий кон бошқармаси, “Металлург” профилакториясида ҳам бўлиб ўтди.