Seminar was held on office work by the state language
Created: 17.12.2020
Updated: 25.12.2020
Read: 2079
Seminar was held on office work by the state language
Мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини ошириш ва она тилимизга ҳурмат, меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, корхона, ташкилот, муассасаларда давлат тилида иш юритиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу жиҳатдан Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда жорий йилнинг 20 октябридаги "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари айни муддао бўлди.
Навоий кон-металлургия комбинатининг "Фарҳод" маданият саройида "Комбинатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш" мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда комбинатнинг Навоий шаҳрида жойлашган бўлинмалари девонхона, кадрлар бўлими, маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, марказ профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда комбинат ва унинг бўлинмаларида давлат тилида иш юритиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Комбинат порталида давлат тилини ўрганувчилар ва давлат тилида иш юритувчиларга амалий ёрдам сифатида ўзбекча-русча ва русча-ўзбекча онлайн таржимон дастурлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳамда "Давлат тилида иш юритиш" номли амалий қўлланманинг электрон нусхаси жойлаштирилди. Ходимларнинг давлат тилини ўрганишлари учун корхона порталининг электрон кутубхонасида (www.kitob.ngmk.uz) ўзбек тили ва адабиёти бўйича зарур адабиётлар жойлаштирилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Семинарда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан янги таҳрирда чоп этилган "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда комбинат бўлинмаларига 5 жилдли янги таҳрирдаги "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китоби тарқатилди.
Комбинат ходимларининг давлат тилида иш юритиш бўйича малакаларини ошириш мақсадида Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ўқув курсларида жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида комбинатнинг кадрлар бўлими, девонхона, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўлимларининг 40 нафар ишчи-ходимлари лотин алифбосига асосланган ўзбек тилининг имловий қоидалари, давлат тилида иш юритиш бўйича назарий, амалий кўникмаларини оширдилар. Тадбирда ўқув курсини муваффақиятли тугаллаган навбатдаги 10 нафар ходимга сертификатлар топширилди ва китоблар совға қилинди.
Семинарда марказ раҳбари ва ўқитувчилари тадбир иштирокчиларининг давлат тилида иш юритиш, лотин алифбосини жорий этиш ва имло қоидаларига оид кўплаб саволларига жавоблар бердилар.