Republic of Uzbekistan, Navoi region, Navoi city, Navoi street, 27
Mon - Fri: 08:00 - 17:00
Days off: Saturday, Sunday
Уважение к узбекскому языку - долг каждого из нас
- Home
- Уважение к узбекскому языку - долг каждого из нас
- Created: 16.04.2020
- Updated: 24.12.2020
- Read: 1849
Уважение к узбекскому языку - долг каждого из нас
Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Бу орқали ҳар бир миллат дунё саҳнасида ўзини, ўзлигини, маънавий ва сиёсий қиёфасини, асосийси, жонажон тилининг шаклу шамойилини юксак ифодалайди ва намоён этади. Чунинг учун ҳам ҳар бир давлат ўз она тили билан қудратлидир. Тил нафақат муомала воситаси, балки ҳар бир халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи ва тарихи демакдир.
Ўзбек тили – дунёдаги энг бой тиллардан биридир. Она тилимиз асрлар оша сайқалланиб, юксак улуғланиб келинди. Натижада бу тилда алломаларимиз томонидан жаҳон аҳлини лол қолдирган ва айни пайтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган нодир маънавий хазина – улкан асарлар яратилди.
Кечагидек ёдимда, собиқ тузум даврида она тилимиз тазйиққа учраган эди. Шукрларким, тилимиз замон талотўпларига дош бериб, мустақиллик кунларигача яшаб келди ва ижтимоий ҳаётдан ўзининг бетакрор ўрнини топди. 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши малакатимиз, халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқелик бўлди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида она тилимизга бўлган эътибор ўзбек тилининг янги тараққиёт даврини бошлаб берди. Сўнгги йилларда қабул қилинган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро конференсиялар ташкил этилиши, буюк мутафаккирларимиз таваллуд айёмларининг кенг нишонланиши она тилимиз янада ривожланишига пойдевор бўлаяпти.
Юртбошимиз томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармони ҳамда 21 октябр санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни”, деб белгиланганлиги барча юртдошларимизни қувонтириб юборди. Бу, албатта, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар, халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган хайрли ишларнинг давомидир.
Бугун Ўзбекистоннинг янги тарихи яратилмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз миллий юксалиш сари шахдам қадамлар ташлаётганлигининг боиси унинг мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва маънавий пойдевори борлигидир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Чундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши керак.
Бунинг учун ҳар биримиз тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг ривожи учун фидойи бўлишимиз керак. Дунёда 50 млн атрофидаги кишилар она тилимизда сўзлашаётгани қалбимизга чексиз фахру ифтихор ва ғурур бағишлайди.
Мен ҳаётимда гувоҳ бўлган, юртимиздаги миллатпарвар инсонлар ва тилимиз билан билан боғлиқ икки воқеани айтиб ўтишни жоиз, деб биламан. 1985 йилда Тошкент давлат университети тарих факултетининг биринчи курсини тугатгандан сўнг ҳарбий хизматга чақирилдим. Икки йил Грузияда ҳарбий хизматни ўтадим. Чак-шубҳасиз, армияда турли миллат вакиллари билан дўст-ўртоқ, қуролдош, уларнинг тимсолида эса маълум бир халқ ҳақида озми-кўпми маълумотларга эга бўласиз. Дарҳақиқат, менда Грузиянинг гўзал табиати, грузинларнинг мардлиги ва меҳмондўстлиги, айниқса, ўз миллати ва тилини севиши жуда катта таассурот қолдирган. Бу халқнинг тантилигига тан берганман. Бир гал ҳарбий машқлар пайтида бўлинмамиз билан дам олиб турган эдик. Шу пайт қаршимизга машина келиб тўхтади. Ундан 45-50 ёшлардаги грузин миллатига мансуб ҳайдовчи тушди. У ҳар биримиздан қайердан эканлигимизни сўради. Навбат менга келганда, Ўзбекистондан эканлигимни айтдим. Унинг юзида табассум пайдо бўлди ва “Сен буюк саркарда Амир Темур юртидан экансан-да! ”, - деди ва соҳибқирон ҳақида, мени лол қолдирган қизиқарли тарихий воқеаларни сўзлаб берди. Бу гурунг ва эътирофдан қуролдош дўстларим орасида бошим осмонга йетди.
Биласизми, ўша ҳайдовчи Ўзбекистон тарихи, буюк донишмандлари, жумладан, Амир Темур, Алишер Навоий, Улуғбек тўғрисида жуда кўплаб маълумотларни айтиб, сиз ўзбекларнинг буюк тарихингиз, улуғ боболарингиз бор, деб мени бағрига босди. Ҳайдовчига тарихимизга бўлган ҳурмати боис раҳмат айтиш билан бирга, сафдошларим олдида қаддимини тик тутиб, шу миллат вакили бўлганлигимдан ифтихор туйдим. Сездимки, бу воқеадан сафдошларим таъсирланди ва уларда миллатимга нисбатан ҳавас ўйғонди. Ҳа, биз шундай буюк аждодлар авлодимиз. Бизнинг фахр этишга арзигулик жаннатмонанд юртимиз ва тарихимиз бор.
Учрашувнинг яна бир таъсирли жойи бор. Ҳайдовчидан манзилини ёзиб беришни сўрадим. У қоғозга ўз манзилини грузин алфавитида ёзиб берди. Мен уни қандай ўқийман, деб турганимда, ҳайдовчи буни сезиб, бу менинг она тилим, ота-бобом шу алфавитда ёзган, бу сенга эсдалик учун, биламан тушунмайсан, деб кейин манзилини крилл ёзувида ҳам ёзиб берган эди. Мана ватанпарварлик, ўз тилига бўлган ҳурмат. У оддий ҳайдовчи бўлсада, лекин ўз тарихи, балки бошқа халқлар тарихини жуда яхши билиши, ҳурмати, ўз тилига бўлган садоқати менда жуда катта тассурот қолдирган эди. Кейин иккаламиз анча маҳал юртимиз тарихи ҳақида гурунглашиб ўтирдик. Мана шу воқеа сабаб, бир грузин фарзандининг миллатимиз тарихига бўлган катта ҳурматини эслаб, давраларда мақтаниб юраман.
Иттифоқ даврида ва ундан кейин ҳам тилимизни асраш ва ардоқлаш йўлида курашган зиёлиларимиз кўп бўлган. Чунга дахлдор яна бир воқеани айтиб ўцам. Бухоро озиқ-овқат ва йенгил саноат технологияси институтида Салоҳиддин Мамедов деган домла билан ишлаш бахтига муяссар бўлганман. У киши месхети турклардан бўлиб, ўзбек тили тарихи, стилистикасини жуда яхши билар, чиройли ҳуснихатда хатосиз ёзарди. Устоз қобилиятига биз ўзбек зиёлиларининг доимо ҳаваси келарди. Айниқса, домла давраларда Навоий, Махтумқули, Умар Хайём ғазалу рубоийларини ёддан айтганда, улар ижоди ҳақида кенг фалсафий мулоҳаза юритганда ҳар қандай даврага жон кирарди. Олимликка хос фикрлаш қобилияти ва юксак тафаккури ҳосиласи бўлган хўп мазмунли гурунгларидан роҳат қилардик. Ҳозир ҳам мана шундай маънавий суҳбатларни соғинаман.
Домланинг бир даврада тилимизнинг ҳақиқий жонкуяри, тилшунос олим, профессор Мустақим Мирзаев ҳақида хотирамга муҳрланиб қолган бир ибратли воқеани айтиб берган эди. Мустақим Мирзаев домла қайерга бормасин, биринчи навбатда борган жойидаги ёзувларни ўқир, улар она тилимиз қоидаларига мослигига баҳо берар, имловий хатоларни тўғрилатар, она тилимизга бўлган ҳурматни сақлашга даъват этаркан. Бу одат домлани то умрининг охиригача тарк этмаган дейишади. Айтишларича, домла бетоб бўлиб ётиб қолган пайтида турмуш ўртоғини чақириб, “Онаси, Шавкат (ўғли) қайерга кетди”-, деб сўрабди. Турмуш ўртоғи “войенкоматга кетди”, - деб жавоб берибди. “Онаси, войенкомат деманг, мудофаа бўлимига денг”-, деб айтган эканлар. Ўйлаб қарасангиз, бу оддий, аммо ибратли танбеҳ замирида она тилимиз софлиги учун жуда катта жонкуярлик, ватанпарварлик мужассам. Талабаларга маърузаларим вақтида шу икки воқеани ибрат учун кўп марта айтиб берганман.
Дарҳақиқат, тилга бўлган ҳурмат, бу - Ватанга садоқатдир. Бу туйғу ҳар биримизнинг қалбимизда бўлиши керак. Юқоридаги каби ибратли воқеаларни ёшларимиз онгу шуурига сингдириш нафақат зиёлилар, балки бобо-момо, ота-оналарнинг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, авар халқининг буюк фарзанди Расул Ҳамзатовнинг: “Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиши учун дунёга келганини билиши ва шу шарафли вазифани зиммасига олишга ўзини тайёрлаши керак”, деган ҳикматли сўзлари ибратга арзигуликдир. Биз она тилимизни фақат байрамлар арафасидагина эмас, балки ҳар дақиқада улуғлашимиз, унинг софлиги, буюклиги ва барҳаётлиги ҳақида чуқур қайғуришимиз, таъбир жоиз бўлса курашишимиз муҳим.
Муҳтарам Юртбошимизнинг “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”, деган сўзлари ҳар биримизнинг кундалик шиоримизга ва амалий дастуримизга айланиши зарур.
Бир сўз билан айтганда, она тили, бу – миллатнинг руҳи, давлат тимсолидир. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш, шак-шубҳасиз, миллатнинг юксалишини белгилайди. Буюк сиймоларни йетиштирган она тилимизни қадрлаш, халқаро миқёсдаги обрў-еътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш, дунё узра кенг тараннум этиш - барчамизнинг муқаддас вазифамиз.
Зеро, миллатпарвар мутафаккир Абдулло Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур”.
Холмамат РАУПОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директорининг
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.