Халқимизнинг нуроний отахону онахонлари қўлларини дуога очганда, албатта юртимизда тинчлик ва хотиржамлик бўлишлигини сўрашади. Тинчлик ҳукмрон бўлган жойда эса шубҳасиз барқарор ривожланиш, файзу барака бўлади.
Уруш ўзи номи билан уруш. Бугунги авлод тинчлик замонида яшаб, унинг қадрига етиши лозим. Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритди, минглаб шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланди. Энг ачинарлиси, жангоҳларда кимдир отасини, кимдир эса бирор яқин кишисини йўқотди. Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати ва садоқати, Фронт ортидаги заҳматли меҳнатини мадҳ этиш ёш авлодда аждодлар билан фахрланиш ва ватанпарварлик туйғуларини уйғотади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Навоий кон-металлургия комбинати Маънавият ва маърифат маркази НКМК ёшлари етакчилари Кенгаши билан ҳамкорликда “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” мавзусида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этмоқда. Яқинда комбинат ёшлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари карманалик Пирназар бобо Турдиев ва навбаҳорлик Бафо бобо Баҳронов хонадонларига ташриф буюришди.
Бугунги кунда пир-бадавлат бўлиб умргузаронлик қилаётган отахонлар уруш ва ундан кейинги суронли йиллар, ўша даврларда халқимиз бошидан кечирган турли синову қийинчиликлар ҳақида сўз очиб, ёш авлодни бугунги тинч ҳамда осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик билан яшашга ундовчи хотиралари билан ўртоқлашдилар.