Оила муқаддас даргоҳ. Унинг мустаҳкамлиги мамлакатимизда қонун ҳумоясидадир.
Бош қомусимизнинг 63-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Жорий йилнинг 23 июнь куни Зарафшон шаҳрида “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси ҳамда “НКМК Жамғармаси” ДК меҳнат жамоалари иштирокида “Оила-бахт қўрғони” мавзусида ўтказилган тадбир оилалар мустаҳкамлиги масалаларига бағишланди.
Тадбир “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Аёллар кенгаши, Зарафшон шаҳар ҳокимлиги, Навоий вилояти Адлия бошқармаси, вилоят аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази, вилоят мусулмонлар идораси, вилоят хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда “НКМК Жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Куннинг биринчи ярмида "Оила мустаҳкамлигининг ҳуқуқий асослари" мавзусида амалий тадбир ўтказилиб, унда шаҳар ҳудудида истиқомат қилаётган хонадонлар шароити таништирилиб, ажрим ёқасида турган оилалар билан якка тартибда муҳокама ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шундан сўнг, ҳамкор ташкилот вакиллари Зарафшон шаҳрида янги ташкил этилган аёлларни ижтимоий мослаштириш ва реаблитация қилиш марказининг очилиш тадбирида иштирок этдилар.
Тадбир Марказий кон бошқармаси фаоллар залида “Оилани асраш-жамиятни асрашдир” мавзусидаги мулоқот билан давом этди.
Суҳбат мобайнида оила мустаҳкамлигининг диний ва ҳуқуқий асослари, оилавий низоларга сабаб бўлаётган психологик омиллар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида сўз юритилиб, адлия бошқармаси масъуллари томонидан қонунчиликдаги янгиликлар, хотин-қизлар учун мавжуд имтиёзлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Мавзулар видеоролик ва қисқаметражли фильмлар асосида жонли тарзда очиб берилди.