2009 йилнинг 1 апрелида Нуробод шаҳрида иш бошлаган Жанубий кон бошқармаси махсус кийимлар тикиш цехида бугунги кунга келиб, 80 дан ортиқ турдаги кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
2020 йили бир ярим гектардан зиёд майдондаги цех ва унинг бўлимларида қиймати олти миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Корхонада Хитой технологияси асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва Жанубий кон бошқармаси таркибидаги корхоналарга етказилади.
Даставвал махсус кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти кўмаги билан 2020 йилда техник қайта жиҳозлаш дастурига асосан цехга янги тикув ускуналари, каштачилик ва тикув машиналари олиб келиниши натижасида халқ истеъмолларининг трикотаж матоларидан маҳсулотлар тайёрлана бошланди. Ўтган йилдан эса ички кийимлар, чойшаблар, қишки ва ёзги жилетлар, изоляция қилинган курткалар ва шимлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йилига 80 минг донадан зиёд турли ассортиментдаги кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада тайёрланган хушбичим маҳсулотлар сифати истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.
- Корхонамизда 170 та замонавий тикув машинаси ёрдамида 322 нафар хотин-қиз ва йигитлар доимий иш ўрнига эга, - дейди цех раҳбари Елена Изместьева. - Биз Жанубий кон бошқармаси таркибидаги корхоналарга махсус кийимлар тикиб беряпмиз. Айни пайтда буюртмачиларимизга 7 минг дона тайёр маҳсулотимизни жўнатиш бўйича иш олиб боряпмиз. Хотин-қизларнинг қисқа курсларда ўқувини ташкил этганмиз. Энг муҳими, шу яқин атрофдаги қишлоқлардан келиб ишлаётган хотин-қизлар замонавий тикув машиналарини моҳирлик билан бошқаришмоқда.
Цехда тайёр мато олиб келингач, унга турли чизмалар, шакллар бериш, дизайн ва янги моделлар яратиш тўлиқ компьютер графикасида амалга оширилади. Жараён тўлиқ рақамлаштирилган. Мато бичув цехида турли ўлчамларда кесилади ва тикиш босқичига ўтказилади. Маҳсулот тайёр бўлгач, дазмоллаш аппаратларига ўтказилади. Кийимларни дазмоллаш жараёни ҳам бир қатор босқичлардан ўтади.
Умуман олганда, Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан цехда янги лойиҳаларни амалга ошириш, Жанубий кон бошқармаси имкониятларидан самарали фойдаланиш, бунинг эвазига эҳтиёжни сифатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилаётган эътибор цехнинг енгил саноат тизимида ўз салоҳиятига эга эканлигидан далолатдир.