Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ишчи-ходимларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш, оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Ҳар ҳафтада жамоа аъзолари ўртасида бундай спорт-соғломлаштириш тадбирлари, чиниқтириш машғулотлари мунтазам ўтказилиб, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётига айлантиришга қарор қилган ҳамкасбларимиз мазкур тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда.
1 май куни корхона ишчи-ходимлари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида навбатдаги спорт тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросига қаратилган "Ҳар ҳафтада марафон" шиори остида югуриш марафони ташкил этилди. Унда иштирокчилар яна бир карра ўзларининг жисмоний салоҳиятларини намоён этишди.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар, маррага биринчилардан бўлиб етиб келган пешқадамлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.