Состоялся семинар по делопроизводству на государственном языке
Создано: 16.04.2021
Обновлено: 26.04.2021
Прочитано: 2205
Состоялся семинар по делопроизводству на государственном языке
Навоий кон-металлургия комбинатида кейинги йилларда комбинатда давлат тилида иш юритиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 34-сон қарори дастуруламал бўлмоқда.
Яқинда Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройи мажлислар залида комбинат бўлинмалари девонхона, кадрлар бўлимлари ходимлари ва мутахассислар учун “Давлат тилида иш юритиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, педагогика фанлари номзоди Ҳусниддин Суюнов “Корхона ва ташкилотларда давлат тилида иш юритишдаги муаммо ва ечимлар”мавзусида маъруза қилди. Маърузачи иш юритиш тили ва услуби, ҳужжат турлари ва хусусияти, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни давлат тилида юритиш ҳамда бу борада учраётган муаммолар, уларнинг ечимлари масалаларига батафсил тўхталиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сон қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан тақдим этилган “Давлат тилида иш юритиш” номли қўлланма комбинатда давлат тилида иш юритувчилар амалий фаолиятида жуда салмоқли ёрдам бераётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг комбинатда иш юритиш ҳужжатларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказиш ва келгусида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Комбинат ходимларининг давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асослари ва малака ошириш марказининг Навоий давлат педагогика институтида ташкил этилган ҳудудий бўлинмаси ўқув курсларида жараёнлари давом эттирилмоқда. Тадбир сўнгида ўқув курсини муваффақиятли тугаллаган 30 нафар ходимга сертификатлар топширилди.