Тараққиётимизнинг янги босқичида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқарашини ўзгартиришга хизмат қилмоқда. “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ҳаётбахш ғояси маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишга доир янгича тизим жорий этилгани юртдошларимиз ва ёшларимиз қалбида барча жабҳаларда рўй бераётган амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириляпти. Бу борада Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча “НКМК тарихи” музейида “Жамият ҳаётининг танаси иқтисод бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” мавзуида семинар ташкил этилди. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5039-сонли ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарорлари мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб этиш ҳамда ижросини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари – тарих фанлари доктори, профессор А. Маврулов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессори, фалсафа фанлари доктори Қ. Назаров, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Б. Бобомурод каби зиёлилар ҳамда комбинат маънавият тарғиботчилари иштирок этди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад маънавият тарғиботчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида таъкидланган қарорлари мазмун-моҳиятини очиб беришдан иборатдир. Республика ишчи гуруҳи аъзоларининг мазкур қарорлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини оширишга қаратилган маърузалар билан чиқишлари зўр қизиқиш билан кутиб олинди. Нотиқлар юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий ишлардаги фаоллигини, маънавият тарғиботчиларининг масъулиятини ошириш тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Тадбирда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларга қаратилаётган эътиборнинг асл моҳияти чуқур ёритилди ҳамда маънавият тарғиботчиларига жойларда бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Семинар якунида иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.