23 апрель куни Навоий кон-металлургия комбинатида Республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси янада қизғин тус олди. Ярмаркада иштирок этаётган 600 дан ортиқ корхоналар вакиллари, тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётган ишлаб чиқарувчилар фаол иштирок этишди. Тадбирда кўплаб истиқболли ҳамкорлик, келишувларга эришилди.
Тадбирнинг тантанали қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Г.Саидова, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Б.Абдиназаров, Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов сўз олиб, ушбу нуфузли тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Ярмарка қатнашчилари ва ОАВ вакиллари учун Навоий шаҳрида фаолият олиб бораётган бир қатор тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги технопарк, институт иқтидорли ўқитувчи ва талабалари томонидан намойиш этилган инновацион лойиҳалар кўргазмаси, «Фарҳод» маданият саройи кутубхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Ярмарка 24 апрель куни ҳам ўз ишини давом эттирди.