Баҳриддин БЎРОНБОЕВ – “Андижон энерго таъмирлаш” МЧЖ бош муҳандиси:
– Бизнинг корхонамиз 2014 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Айни пайтда 60 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилиб, 200 турдан ортиқ маҳсулотлар, жумладан, энергетика соҳаси учун турли даражадаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Жамиятимиз яқинда ташкил топганлигига қарамай, бозордан ўз ўрнини топишга эришди. Айни пайтда фаолиятимизни янада кенгайтириш, иш ўринлари яратиш бўйича янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Бундай ярмаркаларда тез-тез қатнашиб турамиз. Навоий вилоятига ўз маҳсулотларимиз билан биринчи келишимиз. Насиб бўлса, ушбу ярмаркада яқин ҳамкорларимизни топамиз, деган умиддамиз.
– 2007 йилда ташкил топган бизнинг жамият тоғ-шахта саноати учун турли турдаги ностандарт маҳсулотлар ишлаб чиқариш, металга ишлов бериш ва тегишли саноат ускуналарини таъмирлаш ишларини амалга оширади. Асосан кон, кимё, энергетика, нефтогаз соҳа ва тармоқларига хизмат кўрсатамиз. Маҳсулотларимиз билан ички бозорга кириб бораяпмиз. Бугунги ярмаркага ҳам ўзига хос катта тайёргарлик, яхши ниятлар билан ташриф буюрганмиз.
– Яқин ҳамкорларимиздан бири Навоий кон-металлургия комбинатида саноат ярмаркаси бўлаётганини эшитиб, бугун Қоровулбозордан етиб келдик. Ҳақиқатда, вилоятларда бу даражада тайёргарлик кўрилган ярмаркани кўрмаганман. Кончиларга раҳмат! Бизни илиқ қарши олиб, барча шароитларни яратиб беришди. Биз, ярмаркада оҳактошдан ясалган қурилишбоп маҳсулотларимиз билан иштирок этаяпмиз. Эрталабдан буён кўплаб қизиқувчилар ҳамкорлик қилиш бўйича ўзларининг таклифларини билдиришди. Ишонамизки, ташрифимиз ҳар жиҳатдан фойдали якун топади.
Лобар ЭШИМОВА – «Агама» тўқув-трикотаж фабрикаси бош технологи (НКМК):
– Биз ҳам замонавий дизайнга эга ишлаб чиқариш тармоқлари ишчи-ходимлари учун мўлжалланган махсус кийимларимиз моделлари билан ярмаркада иштирок этаяпмиз. Кўриб турибсиз, қизиқувчилар сони кўп. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз ярмарка иштирокчиларини ўзига жалб этаётганидан мамнунмиз. Ҳеч шубҳасиз, моҳир тикувчи-чеварларимиз кўз нури, қалб қўри билан тикилган кийим-бошлар кўпчилликка маъқул келаяпти. Буни ҳамкасбларимга ҳам мамнуният билан етказдим. Улар ҳам роса хурсанд бўлишди. Демакки, бизнинг маҳсулотларимиз харидоргирдир.
Алиакбар БОБОҚУЛОВ – «Сувмаш» АЖ менежери (Тошкент шаҳри):
– Корхонамиз ярим асрлик тарихга эга. Мана шу даврда турли кўринишдаги насослар ва эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарамиз. Тўрт юз нафардан зиёд ишчи-ходимларимиз рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, белгиланган режаларни бажариш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Биз, ўз маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга етказиб бераяпмиз, балки Ўрта Осиё давлатларига ҳам экспорт қилаяпмиз. Бугунги ярмаркада ўзимизнинг юздан ортиқ турдаги маҳсулотларимиз билан қатнашаяпмиз. Энг муҳими, бизни таклиф этгани ва барча шароитларни яратиб бергани учун ташкилотчиларга, Навоий кон-металлургия комбинатига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.