22 апрель куни “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси ташриф буюрувчилар билан гавжум бўлди. Мамлакатимизнинг турли минтақаларидан ташриф буюрган йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар ўзларининг ишлаб чиқараётган янги турдаги маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Таъкидланишича, ярмаркада 450 га яқин корхоналар, шу жумладан, 140 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари намойиши билан қатнашиш таклифини билдиришган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб ўтказилаётган тадбир ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун катта имкониятларни яратмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ярмаркада кўплаб саноат корхоналари қаторида Навоий кон-металлургия комбинати ҳам ўзининг кенг турдаги маҳсулотлари кўргазмаси билан фаол қатнашмоқда. Кўргазмага қўйилган маҳсулотлар тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш ўйғотмоқда.
– Бундай тадбирлар ҳар йили вилоят миқёсида ўтказилиб келинаётганди. Бу йил эса бевосита республика раҳбарияти кўмагида унинг кўлами янада кенгайди. Шунга яраша корхонамизда пухта тайёргарлик кўрилди. Яратилган шарт-шароитлардан меҳмонлар хурсанд ва мамнуният эканликларини таъкидлашмоқда. Бундай ярмаркаларнинг ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, икки томон, яъни, ишлаб чиқарувчи ва харидор учун фойдали. Ярмарка давомида томонлар тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, келишувларга эришиш имконига эга бўлишади, – дейди НКМК Маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Улуғбек Санақулов.
Иштирокчилар ва ОАВ вакиллари учун 22 апрель куни «Навоийазот» АЖ, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ, «Навоий» эркин иқтисодий зонаси, “Gidro stanko servis” МЧЖ, шунингдек, Навбаҳор туманидаги «Сармишсой» туристик базаси, қадимий қоятош расмлари, Нуротадаги «Чашма» зиёратгоҳига пресс-тур ҳам ташкил этилди. Меҳмонлар бевосита вилоятимизда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар, ҳудуд саноати ва туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Эслатиб ўтамизки, ушбу ярмарка шу йилнинг 23-24 апрель кунлари ҳам давом этди.