Навоий шаҳридаги "Фарҳод" маданият саройида “Тил – миллат бойлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” шиори остида ўтказилган давра суҳбатига Навоий давлат педагогика институтининг тилшунос олимлари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ўқитувчилари, “Кончилар ҳаёти” газетаси таҳририяти ходимлари, комбинат бўлинмалари вакилари таклиф этилиб, комбинатда ўзбек тилини ривожлантириш ва давлат тилида иш юритиш ҳолати ва келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр-мулоҳаза юритилди.
Тадбирда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбек тилининг халқаро минбарларда янграётганлиги фахр билан таъкидланди. Дарвоқе, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортмоқда. Бундай хайрли ишларнинг шарофатидан “Ўзбек тили байрами куни”ни кенг нишонлаш анъана тусига кириб бораётганлиги қувонарли ҳолдир. Халқимизнинг кўп асрлик нодир бебаҳо бойлиги бўлган она тилимиз дунёдаги қадимий тиллардан бири экани алоҳида ғурур ва ифтихор билан қайд этилди.
Бугунги кунда комбинат ва унинг бўлинмаларида давлат тилида иш юритиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан тақдим этилган “Давлат тилида иш юритиш” номли қўлланма комбинатда давлат тилида иш юритувчиларга амалий фаолиятида жуда катта ёрдам бермоқда. Ходимларнинг давлат тилида иш юритиш бўйича малакаларини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асослари ва малака ошириш маркази томонидан Навоий давлат педагогика институтида ташкил этилган марказ ўқув курсларида ўқитилмоқда. Жорий йилда комбинат бўйича 350 нафардан ортиқ ходимлар малака ошириш курсларида лотин алифбосига асосланган ўзбек тилининг имло қоидалари, давлат тилида иш юритиш бўйича назарий, амалий кўникмаларини оширишлари режалаштирилган. Тадбирда мазкур ўқув курсини муваффақиятли тугаллаган навбатдаги 20 нафар ходимга сертификатлар топширилди ва китоблар совға қилинди.