Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий мероси, она тилимизда беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода билан талқин этилган асарлари биз авлодлар учун улкан маънавий хазинадир. Ўзлигимизни англаш, фарзандларимиз камолотида алломамиз бебаҳо асарлари жозибаси, тарбиявий аҳамияти ҳар томонлама беқиёс.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам тарғибот, маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юборилди. 6 февраль куни комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши ташаббуси билан "Фарҳод" маданият саройида навбатдаги маърифий-маданий кеча ташкил этилди. Унда корхона ишчи-хизматчилари, ёшлар, хотин-қизлар, зиёлилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Кириш фойесида кутубхона ходимлари томонидан мутафаккир ғазалларидан намуналар ўқилгани, мўйқалам соҳиблари асарларида Навоий сиймоси ва асарларидан намуналар ёрқин рангларда ифода этилгани, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини мужассам этган китоб кўргазмалари, мумтоз қўшиқлар ва мавзуга мос саҳна кўринишлари барчада ўзгача таассурот қолдирди. Болалар ижодиёт маркази истеъдодлари зардўзлик, куйдириб чизиш, гилдан ясаш санъатида яратган юксак маҳорат билан бобомиз сиймоси талқини юқори баҳоланди.
Тадбирда Навоий давлат кончилик институти талабалари, Навоий шаҳридаги қатор мактабларнинг жажжи ўқувчилари ўзларининг ёрқин истеъдодлари билан катта саҳнага чиққан болажонлар бобомиз ғазалларини ифодали ўқиш ва қўшиқлар айтиши билан мухлислар олқишига сазовор бўлишди. “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Иброҳимжон Ғаффоровнинг чиқиши, 1-ГМЗ боғбони Баҳромжон Ҳасанов томонидан ифодали айтилган ғазал, НМЗ катта устаси Алижон Мардонов томонидан ижро этилган "Гулзорим" қўшиғи барчада ўзгача таассурот қолдирди.
– Навоий бобомиз асарларидаги миллий ва умуминсоний ғоялар ёшларимизни тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Бетакрор ижод намуналари инсониятни эзгуликка чорлайди. Бундай тадбирлар орқали Навоий асарларидаги ғояларни кенг тарғиб этиш ижобий самара беради, деб ўйлайман, – дейди НКМК Касаба уюшмаси Кенгаши раиси ўринбосари М.Нуримова.
Аллома ҳаёти ва ижоди, энг муҳими, Ҳазрат Навоий қалбини англаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бу орқали ҳар бир юртдошимиз, китобхон тасаввуфий-фалсафий сирлардан воқиф бўлиши, одамийлик сабоқларини олиши шубҳасиз.