Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш масалаларига бағишланган “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмалари корхоналари ходимлари иштирокида онлайн мулоқот тарзда ўтказилган тадбирда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ходимлари, халқ таълими бошқармаси, Навоий давлат кончилик институти ва Навоий давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этишди. Унда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ҳақида сўз юритилди. Маданият саройининг санъат усталари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
– Ҳозирда дунёда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини, турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказларининг фаолият олиб бориши, хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилаётганлигини ҳисобга олсак, тилимиз ривожланишда эканлигини англаймиз, – дейди НКМК бош директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Холмамат Раупов.
Тадбирда НКМК корхоналарида ўзбек тили нуфузини янада ошириш, иш юритиш ҳужжатларининг ўзбек тилида олиб борилишида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.