Яқинда интернет саҳифаларидаги бир хабар эътиборимни тортди. Мазкур хабар “Йўқолиш арафасида турган дунё тилларининг атласи” деб номланган хабарни ЮНЕСКО эълон қилган бўлиб, унда келтирилишича, Европадаги 50 та, Тинч океани ҳудудида 2000 та, Африка қитъасида 250 та тил йўқолиб кетиш арафасида турган экан. Бу борадаги қизиқишим ошиб янги маълумотларни қидиришга тушдим.
ЮНЕСКОнинг 2005 йилда тузган руйхатига кўра дунёда 6 912та тил мавжуд. Бу тиллардан 32, 8 фоизи (2 269таси) Осиё ва 30, 3 фоизи (2 092таси) Африка қитъасига тўғри келаркан.
Маълумки, тил ҳар бир миллат ёки элатнинг маънавий бойлигидир. Бу орқали каттаю кичик миллат ва элатлар дунё саҳнасида ўзини, ўзлигини, маънавий қиёфасини намоён этади. Тил нафақат муомала воситаси, балки ҳар бир халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи ва тарихи ҳамдир.
Ачинарли томони шундаки, ЮНЕСКО маълумотларига қараганда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХI асрда “юқолиб” кетиши фараз қилинмоқда. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланиши мумкин экан. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётгани албатта даҳшатли ҳодиса!
ЮНЕСКОнинг 2017 йил 15 июнда тарқатган хабарига кўра, йўқолиш арафасида турган 2, 5 минг тилдан 15таси Марказий Осиё ҳудудига тўғри келаркан. Уларга, Ўзбекистондаги Марказий Осиё араблари тили, Бухоро-Самарқанд яҳудийлари тили, Марказий Осиё лўлилари (парё) тилини мисол тариқасида келтириш мумкин. Қолган тилларнинг 2таси Қозоғистон ва Қирғизистонда (дунган ва ойрот тиллари), биттаси Туркманистонда - трухман тили, 9таси Тожикистонда бўлиб, улар вохон, ишкомиш, санглич, рошорв, шуғон, бартанг, рушон, язғулоб, яғноб тилларидир.
Шуниси яна қизиқки, бир пайтлар “ўлик” тилга айланган иврит тили дунё яҳудийларининг саъй-ҳаракатлари билан қайта жонлантирилди – мулоқот воситаси тусини олди. Бу жараёнда фидойи тил жонкуярлари ва мутахассислари жонбозлик кўрсатишиб, уни “тирилтирди”лар. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сўзлашади. Буни чинакам маънавий жасорат ва қаҳрамонлик, ўз тилига бўлган муҳаббат ва фидойилик деса бўлади. Негаки, айнан тил туфайли инсоният бирор миллатга мансублигидан фахрланиб яшайди. Шу сабабли ҳар бир милат ўз тилини сақлаб қолишга интилади.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёдаги мавжуд тилларнинг тенг ярми саккиз мамлакат – Ҳиндистон Хитой, Россия, Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, АҚШга тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат бўлган Ҳиндистонда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашаркан.
Бугунги кунда дунё аҳолиси орасида энг кўп сўзлашадиган тилларни биринчи ўнталигида хитой, инглиз, испан, ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва япон тиллари ўрин олган. Чу билан бирга, 357 тилда фақатгина 50 киши, 46 тилда эса атиги биттадан одам фойдаланар экан. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 та. Ёвропаликлар Америка ҳудудига қадам қўйганида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд бўлган. Айни дамда Шимолий Америка ҳиндуларнинг 150 тилигина сақланиб қолган. Тилларнинг йўқолиб кетишини глобаллашув жараёнлари ва урбанизация ҳодисасининг кучайиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Тилни сақлаб қолиши учун уни қўллаб-қувватлаш зарур. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши миллат тараққиёти ва келажагини белгилайди.
Бугун Ўзбекистоннинг янги тарихи яратилмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз миллий юксалиш сари шахдам қадамлар ташлаётганлигининг боиси унинг мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва маънавий пойдевори борлигидир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши керак.
Бунинг учун ҳар биримиз тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг ривожи учун фидойи бўлишимиз керак. Дунёда 50 млн. атрофидаги кишилар она тилимизда сўзлашаётгани қалбимизга чексиз фахру ифтихор ва ғурур бағишлайди.