Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда маънавий-маърифий соҳада амага оширилаётган тарғибот ишлари билан танишиш мақсадида 2020 йил 2 октябр куни Бухоро вилоятининг бир гуруҳ маънавият тарғиботчилари Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонларни НКМК тарихи, бугунги кунда кон-металлургия саноатида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида “Фарҳод” маданият саройидаги “НКМК тарихи музейи”га саёҳати ташкил этилди.
Комбинат бош директори маслаҳатчиси Х. Раупов комбинат тарихи ва бугунги кунда корхонада рўй бераётган янгиликлар, маънавий-маърифий соҳадаги тарғибот лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
- “Комбинатнинг яратилиши асносида мана шундай гўзал Учқудуқ, Зарафшон ва Навоий шаҳарлари бунёд бўлганлигидан хабарим бор эди. “Комбинат тарихи” музейида бўлиб, “Мурунтов” конига Россиядаги машҳур Останкино телеминорасини сиғдириш мумкинлиги, Ўзбекистондаги қадимги илк кончилик шахталаридан бири неолит даврида, Учтут қишлоғида пайдо бўлганлиги, бир сўз билан айтганда Ўзбекистон кончилик тарихи ва унинг бугуни билан яқиндан танишдик. Комбинатда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ибрат олишга муносиб. НКМК ташаббуси билан буюк олимлар Берунийнинг “Минералогия”, Ар-Розийнинг “Сирлар сири” асарининг ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилиши, бу шубҳасиз келажак авлод учун улкан илмий мерос бўлиб қолади, ” - дейди Бухоро вилоят маънавият ва маърифат бўлими раҳбари М. Пардаева.
Музейга саёҳат меҳмонларда катта таассуротлар уйғотди ҳамда комбинатнинг Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий ҳаётида тутган ўрнини англашдаги тасаввури бойишига имкон берди.